Андижонда саноат усулида ипак қуртини парваришлаш бўйича илмий-амалий семинар ўтказилди
Андижон вилояти Пахтаобод туманида “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси раиси Р. Абдуллаев раҳбарлигида саноат усулида ипак қуртини парваришлаш технологияларини жорий этиш ва самарали ташкил этиш масалаларига бағишланган илмий-амалий семинар бўлиб ўтди. Унда Уюшма раҳбарияти, вилоят “Агропилла” раҳбарлари, пиллани қайта ишлаш корхоналари раҳбарлари, ипак қурти уруғчилиги корхоналари раҳбарлари, касаначилар ҳамда агрономлар иштирок этди.
Семинарда аҳоли бандлигини таъминлаш, уларнинг даромадларини ошириш, ипакчилик йўналишида янги иш ўринларини яратиш ҳамда пилла етиштириш самарадорлигини оширишда саноат усулининг аҳамияти муҳокама қилинди. Тадбир давомида саноат усулида ипак қуртини парваришлашнинг замонавий технологиялари, парвариш жараёнларини тўғри ташкил этиш, меҳнат унумдорлигини ошириш ва мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш бўйича амалий тавсиялар берилди.
Шунингдек, ипак қуртини парваришлашда замонавий технологиялардан фойдаланиш, парваришхоналарда зарур микроиқлимни таъминлаш, озуқа базасидан самарали фойдаланиш ҳамда санитария-гигиена талабларига риоя қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Семинарда саноат усулининг асосий афзалликлари — меҳнат ва вақт сарфини мақбуллаштириш, мавжуд майдонлардан самарали фойдаланиш, пилла етиштириш ҳажми ва сифатини ошириш ҳамда аҳоли учун қўшимча даромад манбаларини яратиш имкониятлари атрофлича муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, пилла етиштиришдан тортиб уни қайта ишлашгача бўлган жараёнларни самарали ташкил этиш, ипак қурти уруғи билан таъминлаш, касаначилар фаолиятини мувофиқлаштириш ва агрономлар иштирокида парвариш жараёнларини назорат қилиш бўйича фикр алмашилди.
Семинар якунида ҳудудларда саноат усулида ипак қуртини парваришлашни кенг жорий этиш, замонавий технологиялардан самарали фойдаланиш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича муҳим таклифлар билдирилди.