⚠️ Диққат! Сайт тест режимида ишламоқда.
«Ўзбекипаксаноат» уюшмаси

Янгиликлар

Хабар

“Ўзбекипаксаноат” уюшмасининг расмий муносабати

24.09.2026 👁 256

“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси соҳадаги ҳар қандай асосли эътироз ва мурожаатни ўрганишга тайёр. Аниқ далиллар тақдим этилган тақдирда, улар белгиланган тартибда кўриб чиқилади ва қонунбузилиш ҳолати тасдиқланган тақдирда, тегишли чоралар кўрилиши таъминланади.

“Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбек форуми” ташкилотининг Telegram саҳифасида Ўзбекистонда пилла етиштириш жараёни, пилла етиштириш ҳажмлари, шартномавий муносабатлар, ипак қурти уруғлари сифати, фермерлардан пул талаб қилиниши ҳамда пилла учун тўловлар кечиктирилаётгани ҳақида материал эълон қилинган.

“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ҳар қандай мурожаатни ўрганиш ва мавжуд муаммоларга ҳуқуқий баҳо бериш тарафдори. Бироқ бунда ҳар бир ҳолат аниқ ҳужжатлар, шартномалар, тўлов маълумотлари ва бошқа далиллар асосида баҳоланиши лозим.

2026 йил мавсуми учун пилланинг тавсиявий харид нархлари олдиндан эълон қилинган

Пилла етиштирувчилар манфаатларини инобатга олиб, “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси томонидан тизим корхоналарига 2026 йил мавсуми учун тирик пилланинг тавсиявий, яъни минимал харид нархи бўйича таклиф берилган.

Унга кўра, 1-навли тирик пилланинг 1 килограмми 62 860 сўм, 2-навли пилланинг 1 килограмми 31 890 сўм ва ноқобил пилла 20 000 сўм этиб белгиланган.

Шунингдек, навли пилла бўйича ўртача тавсиявий нарх 48 000 сўм, навсиз пилла — 8 445 сўм, қора пачоқ пилла — 3 995 сўм этиб белгиланган.

Умумий ҳисобда, 2026 йил мавсуми учун тирик пилланинг 1 килограммига ўртача тавсиявий харид нархи 40 000 сўм этиб белгиланган.

Шу боис пилла етиштириш билан боғлиқ ҳисоб-китобларни баҳолашда маҳсулотнинг нави, сифати, қабул қилинган ҳажми ва амалдаги шартнома шартлари инобатга олиниши зарур.

Пилла етиштириш ҳажмлари бўйича рақамлар аниқ маълумотларга асосланиши керак

2026 йил мавсумида республика бўйича жами 501 812 қути ипак қурти парваришланиб, 31 149,8 тонна пилла хомашёси етиштирилди.

Айрим ҳудудлар кесимида ҳам салмоқли ҳажмда пилла етиштирилган.

Жумладан:

— Андижон вилояти Жалақудуқ туманида 4 585 қути ипак қурти касаначиларга тарқатилиб, 276,4 тонна хом пилла етиштирилди;

— Қашқадарё вилояти Ғузор туманида 2 317 қути ипак қурти парваришланиб, 134 тонна хом пилла етиштирилди;

— Жиззах вилояти Дўстлик туманида 1 667 қути ипак қурти парваришланиб, 116 тонна хом пилла етиштирилди.

Шунинг учун муайян фермер ёки хўжаликдаги алоҳида ҳолатлар асосида бутун республика бўйича пилла етиштириш кўрсаткичлари сохталаштирилган, деган хулосага келиш учун тегишли текширув ва бирламчи ҳужжатлар бўлиши шарт.

Ҳокимликлар томонидан фермерлардан пул талаб қилингани ҳақида уюшмага расмий мурожаат келиб тушмаган

Тарқатилган материалда айрим туманларда фермерлардан режада етмай қолган ҳар бир килограмм пилла учун пул талаб қилингани ҳақида даъволар келтирилган.

“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси шуни маълум қиладики, ҳокимлар ёки ҳокимлик масъуллари томонидан фермерлардан пилла етиштириш режасини бажармагани учун пул талаб қилингани ҳақида уюшмага расмий мурожаат келиб тушмаган.

Уюшма фуқаролар, фермерлар, касаначилар ва бошқа пилла етиштирувчиларнинг мурожаатлари билан мунтазам ишлаб келмоқда. Келиб тушаётган ҳар бир мурожаат белгиланган тартибда ўрганилади ва заруратга кўра тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда чоралар кўрилади.

Шу сабабли аниқ шахс, сана, жой, сумма ва тасдиқловчи ҳужжатларсиз келтирилган даъволарни бутун тизимга нисбатан умумлаштириш тўғри эмас.

Агар муайян ҳудудда бундай ҳолат содир бўлгани ҳақида аниқ далиллар мавжуд бўлса, уларни тақдим этиш орқали масалани холисона ўрганиш мумкин.

“20 минг сўмдан пул ундириш” масаласи аниқлаштирилиши лозим

Материалда режада етмай қолган ҳар бир килограмм пилла учун 20 минг сўмдан нақд пул талаб қилингани ҳақида даъволар келтирилган.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, пилла етиштиришнинг белгиланган тартибида фермер ёки пилла етиштирувчидан “режа бажарилмади” деган асос билан автоматик равишда ҳар бир килограмм учун 20 минг сўмдан нақд пул ундириш механизми мавжуд эмас.

Агар муайян ҳудудда шундай пул талаб қилинган бўлса, бу ҳолатни аниқ шахслар, пул миқдори, талаб қилинган жой, сана ва тасдиқловчи далиллар асосида ўрганишга тайёрмиз.

Яна шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, “режани бажариш” эскича ишлаш тизими бўлиб, Уюшма томонидан ҳеч қайси пиллачилик кластерига режани бажариш бўйича кўрсатма берилмаган, бундан кейин ҳам берилмайди.

Ипак қурти уруғлари сифат назоратидан ўтказилади

Материалда пилла қуртларининг нобуд бўлиши уруғлар сифати пастлиги билан боғланган.

Ипак қурти уруғлари мамлакатга олиб кирилишидан аввал Ипакчилик илмий-тадқиқот институти олимлари ва мутахассислари томонидан ўрганилади.

Келтирилган ҳар бир партиядан намуна олиниб, уруғларнинг биологик кўрсаткичлари, жонланиш даражаси, касалликларга мойиллиги ва бошқа хусусиятлари ўрганилади. Хусусан, жорий йилда ҳам ушбу амалиёт асосида текширув ишлари олиб борилди.

Шу сабабли ипак қурти нобуд бўлган ҳар бир ҳолатни автоматик равишда уруғ сифати билан боғлаш илмий жиҳатдан асосланмаган хулоса ҳисобланади.

Ипак қуртининг ривожланишига уруғдан ташқари озуқа сифати, ҳарорат, намлик, санитария ҳолати, парвариш технологияси, касалликлар ва бошқа агротехник омиллар ҳам таъсир қилади.

Уруғ сифати бўйича эътирозлар эса лаборатория хулосаси ва тегишли мутахассислар текшируви асосида баҳоланиши керак.

Пилла учун тўлов, субсидия ва ссуда бир-биридан фарқ қилади

Тарқатилган материалда пилла етиштирувчиларга пилла пули тўланмаётгани ҳақида кўплаб даъволар келтирилган.

“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси томонидан айрим мурожаатлар ўрганилганда, пилла учун тўлов амалга оширилганлиги, бироқ субсидия ёки ссуда маблағлари ҳали ажратилмагани юзасидан мурожаат қилингани ҳақидаги ҳолатлар ҳам аниқланган.

Бу ерда учта турли молиявий тушунчани бир-биридан ажратиш муҳим:

— биринчиси — топширилган пилла учун кластер томонидан амалга ошириладиган тўлов;

— иккинчиси — давлат томонидан ажратиладиган субсидия;

— учинчиси — ипак қуртини парваришлаш учун зарур асбоб-ускуна ва жиҳозларни харид қилишга ажратиладиган ссуда.

2026 йил 1 апрелдан пилла етиштирувчиларга кластер томонидан пилла учун ҳақиқатда тўланган маблағнинг 35 фоизи миқдорида субсидия ажратиш механизми жорий этилган. Расмий тартибга кўра, ушбу субсидия пилла учун кластер тўловининг ўрнини босмайди, балки амалда тўланган маблағга нисбатан алоҳида давлат кўмагидир.

Шунингдек, касаначиларга ипак қуртини парваришлашда зарур асбоб-ускуна ва жиҳозларни харид қилиш учун 3 йил муддатга белгиланган миқдорда фоизсиз ссуда ажратиш механизми ҳам жорий этилган.

Шунинг учун субсидия ёки ссуда маблағи ҳали ажратилмаган ҳолатни “пилла пули тўланмади” деб талқин қилиш нотўғри.

Айрим ҳолатларда маблағ фермерга тўланган, аммо пилла етиштирувчига етказилмаган бўлиши мумкин

Пилла етиштириш жараёнида кластер, фермер хўжалиги ва бевосита пилла етиштирувчи — касаначи ўртасидаги муносабатларни ҳам аниқ фарқлаш лозим.

Уюшма томонидан ўрганилган айрим мурожаатларда пилла учун маблағ тегишли фермер ёки шартнома томонига тўлиқ тўлаб берилгани, бироқ ушбу маблағларнинг бевосита пилла етиштирувчиларга ўз вақтида етказиб берилмагани натижасида тушунмовчилик келиб чиққан ҳолатлар ҳам кузатилган.

Бундай вазиятда “пилла учун пул берилмади” деган умумий хулоса қилишдан аввал маблағ кимга, қачон ва қанча миқдорда тўлангани, кейинги ҳисоб-китоблар кимнинг зиммасида экани аниқланиши зарур бўлади.

Шартнома масаласи ҳар бир ҳолат бўйича алоҳида текширилиши лозим

Материалда фермерлар бўш ёки тўлиқ тўлдирилмаган шартномаларни имзолашга мажбур қилингани ҳақида даъволар келтирилган.

Агар фермер хўжалигига бўш шартномага имзо қўйиш, шартнома нусхаси берилмаганлиги, уни имзолашга мажбурлаш ёки шартнома шартларини бир томонлама ўзгартириш ҳолати мавжуд бўлса, бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиш тўғри ҳисобланади. Сабаби, Уюшмада бундай ҳолатлар бўйича мурожаатлар мавжуд эмас.

Уюшма бундай мурожаатларни белгиланган тартибда ўрганишга тайёр.

“Қўшиб ёзиш”, пора ва ноқонуний пул талаб қилишга йўл қўйилмайди

“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси томонидан ҳудудий масъуллар, кластерлар ва соҳа вакилларига пилла етиштириш ва қабул қилиш жараёнида қонунийлик ва шаффофликни таъминлаш бўйича мунтазам равишда тушунтириш ҳамда огоҳлантириш ишлари олиб борилади.

Хусусан, ҳақиқатда етиштирилмаган пиллани қўшиб ёзиш, ишлаб чиқариш ҳажмларини сунъий равишда ошириш, пилла етиштирувчилардан ноқонуний пул талаб қилиш, пора олиш ёки бошқа коррупциявий ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича масъулларга мунтазам равишда огоҳлантиришлар бериб борилади.

Уюшма бундай ҳолатларни оқламайди ва аниқланган қонунбузилишларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чора кўрилишини қўллаб-қувватлайди.

Жалақудуқ туманидаги ҳолат бўйича аниқ рақамлар бир-бирига қарши қўйилмаслиги керак

Жалақудуқ туманида 2026 йил мавсумида 4 585 қути ипак қурти касаначиларга тарқатилган ва 276,4 тонна пилла ҳосили етиштирилган.

Шунинг учун айрим фермернинг шахсий ҳосили ёки алоҳида хўжаликдаги натижасидан келиб чиқиб, бутун туман ёки республикадаги пилла етиштириш кўрсаткичлари сохталаштирилган, деган хулосага келиш мумкин эмас.

Расмий рақамлар бўйича эътирозлар мавжуд бўлса, улар бирламчи қабул-топшириш ҳужжатлари, ҳисоб-китоблар ва бошқа расмий маълумотлар асосида текширилиши керак.

Уюшма мурожаатлар билан мунтазам ишлаб келмоқда

“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси пилла етиштирувчилар, фермерлар, касаначилар ва соҳанинг бошқа иштирокчиларидан келиб тушадиган мурожаатларни доимий равишда кўриб чиқади.

Мурожаатларда кўтарилаётган масалалар жойига чиққан ҳолда ёки тегишли ҳужжатларни ўрганиш орқали таҳлил қилинади.

Шунингдек, соҳадаги масъулларга қонунчилик талабларига риоя қилиш, аҳоли ва фермерлар билан тўғри муносабат ўрнатиш, пора ва коррупциявий ҳолатларга йўл қўймаслик, ҳисоботларда ҳаққоний маълумотларни акс эттириш бўйича мунтазам равишда кўрсатма ва огоҳлантиришлар бериб борилади.

“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси пилла етиштирувчиларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, соҳада шаффофликни таъминлаш ва ҳар қандай қонунбузилиш ҳолатларига ўз вақтида муносабат билдириш тарафдори.

“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси соҳадаги ҳар қандай асосли эътироз ва мурожаатни ўрганишга тайёр. Аниқ далиллар тақдим этилган тақдирда, улар белгиланган тартибда кўриб чиқилади ва қонунбузилиш ҳолати тасдиқланган тақдирда, тегишли чоралар кўрилиши таъминланади.

Сўнгги янгиликлар