«Ўзбекипаксаноат» уюшмасида саноат усулида пилла етиштириш технологияларига бағишланган семинар бўлиб ўтди
«Ўзбекипаксаноат» уюшмасида уюшма бошқаруви раиси Р. Абдуллаев раҳбарлигида пиллачиликда саноат усулида пилла боқиш технологияларини кенг жорий этиш масалаларига бағишланган кўргазмали семинар бўлиб ўтди.
Тадбирда ҳудудий «Агропилла» МЧЖлар, пиллани қайта ишлаш корхоналари раҳбарлари ва таъсисчилари, шунингдек, соҳа мутахассислари иштирок этди.
Семинар давомида иштирокчиларга пиллачиликда саноат усулида пилла боқишнинг замонавий технологиялари, унинг афзалликлари ва иқтисодий самарадорлиги ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этилди.
Айтиш жоизки, мазкур технологияни республика миқёсида кенг татбиқ этиш орқали пилла етиштириш ҳажмини бир неча баробар ошириш имконияти мавжуд.
Шунингдек, ушбу тажрибани яқин кунларда мамлакатимизда биринчилардан бўлиб Андижон, Наманган ва Хоразм вилоятларида амалга ошириш режалаштирилаётгани маълум қилинди.
Мазкур лойиҳанинг муваффақиятли жорий этилиши тармоқда юқори ҳосилдорликка эришиш, маҳсулот сифати ва ишлаб чиқариш самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.
Семинарда Олий Мажлис Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси ўринбосари Сайёра Сапаевна Абдикаримова ҳам иштирок этиб, пиллачилик тармоғини модернизация қилиш, инновацион технологияларни жорий этиш ва соҳани янада ривожлантиришнинг аҳамияти хусусида фикр билдирди.
Тадбир якунида пиллачиликда саноат усулини кенг жорий этиш, илғор технологиялардан самарали фойдаланиш ҳамда тармоқнинг экспорт салоҳиятини ошириш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди.